Халқаро геофизика йили - 1957 й. 1 июлдан 1958 й. 31 декабргача ўтган (18 ой) давр. бу давр ичида бутун Ер шаридаги 67 мамлакатда
ягона дастур ва методика асосида геофизик кузатишлар ва тадқиқотлар олиб
борилди. Халқаро геофизика йили бундан
илгари ўтган иккита Халқаро қутб йилларининг давоми бўлди. Қуёш активлигининг максимум даврига
тўғриланган Халқаро геофизика йили дастурига куйидаги кузатишлар
киритилди: аэрологик ва
метеорологик, океанографик, гляциологик,
магнит, гравиметрик ва сейсмик. Устки атмосфера — қутб ёғдулари, ионосфера,
метеорлар, космик нурлари ҳам
ўрганилди. Натижада Қуёш билан Ер ўртасидаги
ўзаро алоқани ўрганиш ишига катта ҳисса қўшилди, Антарктидани тадқиқ қилишда муҳим аҳамият
касб этди, у ерда турли мамлакатлар ўз
базаларини барпо этишди. Халқаро
геофизика йили кузатиш материаллари асосида Антарктидада Жанубий совуқлик қутби аниқланди, у ерда йиллик ўртача ҳарорат —57° лиги қайд
этилди. Озон қатлами тропик минтақаларда
жуда юқорида ва юпқа, қутбий
минтақаларда эса қалин ва паст жойлашганлиги исбот этилди. Шарқий Сибирда янги музликлар борлиги
аникланди.
четверг, 5 июня 2014 г.
Геофизик разведка усуллари
Геофизик разведка усуллари — фойдали қазилма
конларини қидириш ва разведка қилиш мақсадида Ер қобиғи тузилишини физик
усуллар билан ўрганиш. Геофизик разведка
усуллари табиий майдонлар (гравитацион,
магнит, электр, сейсмик,
термик, ядровий нурланишлар)ни
ўрганишга асосланади. Бу майдонлар
параметрлари ер устида, ҳавода ва ер
ости (шахта ва бурғи қудуқлари)да ўлчанади.
Олинган маълумотлар геологик структуралар, руда ва бошқа
конларнинг жойлашишини аниқлаш,
асосий кўрсаткичларини ўрганишда ишлатилади. Геофизик разведка усулларида табиий ва сунъий
ҳосил қилинадиган физик майдонлардан фойдаланилади. Табиий майдон усуллари нисбатан арзон ва бир
хилдаги, осон солиштириладиган
маълумотлар бергани учун катта ҳудудлардаги ишларда кўлланилади. Бу усул қимматбаҳо бурғилаш ва тоғ ишларининг
аниқ йўналишларини белгилаб, уларнинг
самарадорлигини оширади. Шунинг учун
рекогносцировка ишларида асосан табиий майдонли геофизик разведка усуллари (магниторазведка), кичик ҳудудлардаги ишларда асосан сунъий
физик майдонлар (сейсморазведка) қўлланилади.
Қўлланиладиган физик майдонлар табиатига қараб, Геофизик разведка усуллари қуйидаги хилларга
бўлинади:
·
Ер тортиш кучи майдонини ўрганувчи гравиметрик
разведка.
·
Ер табиий магнит майдонини ўрганувчи
магниторазведка.
·
Ернинг табиий электр майдонини, асосан,
сунъий ҳосил қилинадиган ўзгармас ва ўзгарувчан электромагнит
майдонларни ўрганувчи электроразведка.
·
Портловчи моддаларни портлатиш ёки механик
зарбларда ҳосил қилинадиган ва Ер қобиғида тарқалувчи сейсмик тебранишлар
майдонини ўрганувчи сейсморазведка.
·
Тоғ жинсларининг иссиқлик ўтказувчанлиги
орасидаги фарққа асосланиб, бурғи
қудуқларидаги ҳароратни ўрганувчи геотермик разведка.
·
Тоғ жинслари ва рудаларнинг табиий радиоактив
нурланишини ўрганувчи ядро геофизикаси.
·
Бурғилаш қудуқларидаги физик майдонларни ўрганувчи
каротаж.
·
Бурғилаш қудуқлари оралиқларидаги руда
гавдаларини аниқлашга асосланган бурғи қудуқлари геофизикаси.
Геофизик разведка усуллари, айниқса, ғовак қатламлар остидаги, чуқур жойлашган, денгиз ва океанлар туби остида ётган фойдали
қазилма конларини қидириш ва разведка қилишда муҳим ўрин тутади.
понедельник, 2 июня 2014 г.
Геофизика хусусида
Геофизика — Ер шарининг умумий физик
хоссаларини, унинг қаттиқ, суюқ ва ҳаво қатламларидаги жараёнларни
ўрганадиган фанлар мажмуи. Учта катта
бўлим: Ер физикаси, гидрофизика ва атмосфера физикасидан
иборат. Геофизиканинг хусусий усуллари
хилма-хил бўлиб, улар қаттиқ, суюқ ва ҳаво қатламларининг хусусиятларини
ўрганиши билан
бир-биридан фарқ қилади.
Собитжон Мақсудов, Ҳусан Отабоев.