Геофизика хусусида

Геофизика — Ер шарининг умумий физик хоссаларини,  унинг қаттиқ,  суюқ ва ҳаво қатламларидаги жараёнларни ўрганадиган фанлар мажмуи.  Учта катта бўлим:  Ер физикаси,  гидрофизика ва атмосфера физикасидан иборат.  Геофизиканинг хусусий усуллари хилма-хил бўлиб,  улар қаттиқ,  суюқ ва ҳаво қатламларининг хусусиятларини ўрганиши билан бир-биридан фарқ қилади.
 Геофизиканинг бевосита Ерни ўрганиш билан шуғулланадиган қисми амалий ва умумий бўлимлардан иборат.  Амалий геофизикага электроразведка,  сейсморазведка,  гравиметрик разведка,  магниторазведка,  радиометрия усуллари киради.  Улар фойдали қазилма конларини қидиришга каратилган.  Умумий геофизика эса Ернинг ички,  устки қатламларидаги физик майдонлар ва жараёнларни ўрганади.
 Умуман геофизиканинг айрим соҳалари билан илмий нуқтаи назардан шуғулланиш 16-аср  охирларидан бошланган.  19-аср  ўрталарида геофизика мустақил фанга айланди,  20-асрнинг  40—60йилларига келиб изчил система сифатида шаклланди.  Ўзбекистонда геофизиканинг вужудга келиши 1867-70 йилларда Тошкентда физик расадхона очилиши билан бошланди.  Геомагнит ўлчашлар 1871 йилдан маршрутлар бўйлаб ўтказилган,  1877 йилдан эса мунтазам равишда расадхонада олиб борилган.  1901 йилда Тошкентда Ўрта Осиёда биринчи сейсмик станция очилди,  1928 йилда магнит расадхона ташкил этилди.  1930-40 йилларда Ўзбекистан барча ҳудудларининг магнитометрик ва гравиметрик ҳариталари тузилди.
 Атмосфера физикаси соҳасидаги дастлабки муҳим натижалар 19-аср охири — 20-аср     бошларида олинди.  Биринчи марта атмосфера циркуляцияси,  циклонларнинг тараққий этиш назариялари ишлаб чиқилди.  20-аср     40-йиллари ўрталаридан бошлаб геофизикага доир ишлар комплекс ривожлана бошлади.  Газ ва нефт чиқиши эҳтимоли бор жойлар ўрганилди (Ю.  Н.  Годин,  Б.  П.  Лебедев,  И.  И.  Крейнес,  М.  В.  Мухин ва б. ).  Рудага бой жойларнинг ўрганилиши натижасида Бухоро — Хива ҳудудида,  Фарғона ва Сурхондарё водийларида қимматбаҳо қазилма бойлик конлари аниқланди.  40-йиллар охиридан бошлаб чуқур сейсмик зондлашнинг нуқта усулини қўллаб изланишлар ўтказилди.  50-йиллар охирида узлуксиз профиллаш тартибидаги чуқур сейсмик зондлаш усули ишлаб чиқилди ва Ўрта Осиёнинг кўп қисмида шу усулдан кенг фойдаланилди.  50-60-йиллар ўрталарида нефт ва газ конларини излаш билан бирга чуқур пармалаш лойиҳалари тайёрланди (Б.  Б.  Тал-Вирский,  И.  С.  Волвовский,  А.  М.  Колпаков,  Т.  Л.  Бобожонов,  В.  В.  Рубо ва б. ).
 Кибернетика фанининг тараққий этиши,  Ер сунъий йўлдошларининг учирилиши геофизика фанининг жадал ривожланишига сабаб бўлди.  Геофизик тадқиқотлар геофизик ҳодисаларни бевосита кузатишлар натижаларига асосланиб,  махсус асбоб ва усуллардан фойдаланиб бажарилади.  Бундай ишлар гидрометеорология станция тармоқлари,  геофизика расадхоналари,  магнит расадхона,  Ер сунъий йўлдошларини кузатиш пунктлари,  сейсмик станциялар ва б. да олиб борилади.
 60-йиллардан бошлаб геофизиканинг сейсмологик,  палеомагнетизм ва бошқа  усуллари қўлланиб,  Ўзбекистонни сейсмик хавфлилик жиҳатидан районлаштириш,  Ер пўсти қатламларини геологик ёшини аниқлаш ишлари олиб борилди.  Натижада геологик,  тектоник ва бошқа  маълумотларни ҳам таҳлил қилиб,  Ўзбекистоннинг сейсмик районлаштирилган хариталари (1966,  1978) тузилди.  Мазкур хариталардан қурилиш ишларида муҳим аҳамиятга эга бўлган меъёрий ҳужжат сифатида фойдаланиб келинмоқда.
 1966 йил    26 апрелда юз берган Тошкент зилзиласидан сўнг геофизиканинг айрим усуллари Ўзбекистонда кенг миқёсда қўлланила бошлади.  Жумладан,  Тошкент,  Фарғона,  Қизилқум геодинамик полигонлари ташкил қилиниб,  бу жойларда сейсмологик,  магнитометрик,  электрометрик,  гравиметрик усуллар билан зилзилаларни олдиндан билиш (прогноз қилиш) муаммоси бўйича изланишлар олиб борилди.  Ер пўстидан тарқаладиган электромагнит импулслар ва атмосферадаги ионосфера ток қатламларининг ҳолатини ўрганиш каби усуллар ҳам олдиндан билиш муаммосини ечиш йўлида қўлланила бошлади.  Ушбу сўнгги икки усул зилзилаларни олдиндан билиш мақсадида дастлаб Ўзбекистонда қўлланилди.  Геофизикада бу йўналишда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган янги натижалар олинди.  Жумладан,  Ер магнит майдонида кузатилган ўзгаришлар орқали 1978 йил  2 ноябрдаги Олой,  1982 йил    6 майдаги Чимён,  электромагнит импульсларининг ўзгариши бўйича эса 1976 йил    17 майдаги Газли,  сейсмик усул ёрдамида 1984 йил    18 февралдаги Поп зилзилаларининг вақти,  жойи ва кучи башорат қилинди.  Бу натижалар шу соҳада дунё миқёсида биринчи маротаба олинган илмий-амалий ютуқлар бўлди (Ф.  О.  Мавлонов,  В.  И.  Уломов,  Қ.  Н.  Абдуллабеков,  С.  С.  Ҳусамиддинов,  С.  Х.  Мақсудов ва б. ).  геофизиканинг сейсмологик,  электрометрик,  геологик,  гидрогеологик усулларнинг мажмуи асосида 1966— 98 йилларда Тошкент,  Андижон,  Фарғона,  Наманган,  Самарқанд каби 20 дан ортиқ шаҳар,  йирик саноат қурилиш объектлари учун микрорайонлаштириш ҳариталари яратилди ва халқ хўжалигига қўллаш учун жорий этилди.
 1970 йилдан бошлаб Ер пўсти ва юқори мантиясини ўрганишда чуқур сейсмик зондлаш,  сейсмология,  гравиметрик разведка,  электр разведка,  магнит разведка усулларидан фойдаланилди (Ё.  М.  Бутовская,  Ф.  Х.  Зуннунов,  В.  А.  Пак,  Т.  Ё.  Эргашев ва б. ).  Зилзилалар,  портлаш вужудга келтирадиган тўлқинларни ялпи қайд қилиш усули билан Помир — Ҳимолай халқаро лойиҳаси буйича Италия,  Ҳиндистон,  Покистон олимлари билан ҳамкорликда илмий тадқиқот  ишлари олиб борилди (И.  Ҳ.  Ҳамробоев,  Ё.  М.  Бутовская,  Т.  Л.  Бобожонов).
 Ер пўстининг ҳар хил чуқурликларида рўй берадиган физик,  механик жараёнларнинг табиати мураккаб эканлиги экспериментал геофизикани ташкил қилиш ва ривожлантиришга сабаб бўлди.  Хусусан,  тоғ жинслари намуналарининг магнит,  электр,  тўлқин ўтказиш ва бошқа  физик хусусиятлари лаборатория  шароитида ҳар хил босим ва ҳарорат таъсирида ўрганилди (М.  Х.  Боқиев,  С.  Х.  Мақсудов ва б. ).  Олинган натижалар кучли зилзилалар табиатини аниқлаш,  уларнинг тайёрланиш жараёни назариясини яратиш ва зилзилаларнинг магнит,  электр,  электромагнит майдонларда пайдо бўлган даракчиларини таҳлил қилишда фойдаланилди.
 Ўзбекистонда геофизикага доир илмий тадқиқот  ишлари ЎзР Геология ва минерал ресурслар қўмитаси,  Гидрометеорология бош бошқармаси,  Геодезия,  ҳаритаграфия ва кадастрлар бошқармаси,  "Ўзбекнефтегаз" холдинг корпорацияси,  Ўзбекистон ФА Геология ва геофизика ва Сейсмология институтлари,  Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистан миллий университети,  Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида олиб борилади.

Собитжон Мақсудов,  Ҳусан Отабоев.

Комментариев нет:

Отправить комментарий