четверг, 27 августа 2015 г.

Map Info да кузатув харитаси (обзорная карта яратиш)

Геология ва геофизика соҳасида обзорная карта тушунчаси бор, обзорка ҳам дейишади.
Обзорка нима ўзи? Бирор бир ҳудуднинг чегараси (контури), энг асосий йўл линиялари ва айрим объектлар туширилган харита обзорная карта дейилади. Обзорная картани биз кузатув харитаси, деб атасак, русча ўйлаб, русча ёзадиган ўзбек ҳамкасбларимиз томорқамизга тош отишмас.
Кузатув харитасида ортиқча объект ва шартли белгилар бўлмайди, геофизикада бирор структурани умумий миқёсда кўриш, кузатиш учун бу харита тузилади.
Фарғона водийсининг кузатув харитаси
Бундай харитани тайёрлашда, одатда, нурли стол – светостолга маъмурий-сиёсий харитани қўйиб, устида оқ ватман қоғозга зарур линияларни чизиб олишган. Калька усулида копировка деса ҳам бўлади.
Ҳозирга келиб бу ишларни программада бажариш мумкин. Мапинфо программаси айнан шу ишларни тез, қулай ва аниқ бажариш имконини беради. Қоғоздан фарқли ҳолда, Мапинфода яратилган кузатув харитаси автоматик равишда координаталари ва масштабига эга бўлади.
Ишга киришамиз. Аввалги дарсимизда Мапинфода харитани масштаблаштиришни айтиб ўтган эдик. Ўша масштаблаштирилган харитани очамиз.




   Сичқоннинг ўнг тугмасини босиб “Управление слоями” (қатламлар устида амаллар) дарчасини очамиз. 

“Косметический слой” қатламига тегишли қаламча расми турган “изменяемый” (ўзгартирса бўладиган) тўртбурчакчага галочка қўйсак, косметик слойга тегишли бўлган панели активлашади. Айтганча, бу панелнинг номи “пенал” деб аталади.

  Пеналдан “полилиния”ни танлаймиз ва аввало республика чегарасини чизамиз. Бу иш худди калька қоғозга расм бостиришга ўхшайди. Шунингдек, вилоят марказлари ва катта шаҳарларни ҳам доирачалар билан белгилаб қўйишимиз мумкин. Чизиб бўлгач, “Управления слоями” дарчасидан маъмурий-сиёсий хариталарни кўринмас қилиб қўйсак, қуйидаги тасвир пайдо бўлади.



Бу чизмани сақлаш учун менюдан “Карта” – “Сохранит косметику” кириб файлга ном берамиз. “Vodiy chegara”  файли яратилди, у ўз навбатида алоҳида қатлам бўлиб харитада жойлашди.
Маълумки, харитада турлича кўринишдаги линиялар бўлади, масалан республика чегараси линияси, вилоят чегараси линияси, электр линиялари, темир йўл ва автойўллар бир биридан фарқланади. Мапинфо бизга ўнлаб линиялар турларини тақдим қилади.
Расмдаги йўналиш бўйича очиб, “Vodiy chegara”  қатлами линиясини истаганимиздай ўзгартиришимиз мумкин. Шунингдек, ранг, линия қалинлиги, ҳарфлар ўлчами ва шрифт бўйича ҳар хил вариантлар бор.



Худди юқоридагидай иш бажариб Фарғона водийсига темир йўл ўтказамиз ва Сирдарё тасвирини туширамиз.



Бу ерда тоифасига кўра чизилган қатламни алоҳида файл кўринишида сақлаш муҳимдир. Масалан темирйўл, сув йўллари, маъмурий-сиёсий чегаралар бир биридан алоҳида қатламларда бўлиши керак, чунки улар устида амал бажариш, ўзгартириш имконияти сақланиб қолади.



Хўш, бу электрон хаританинг афзаллиги нима? Гап шундаки, бунда исталган нуқтанинг координатасини олиш, шунингдек, маълум координата асосида объектни жойлаштириш ва зарур пайтда керакли масштабда қоғозга нашр қилиш осондир.

Шукуржон Исломов, етакчи геофизик